Камолиддин Беҳзод номли Миллий рассомлик ва дизайн институти
Амалий санъат ва дизайн факультети томонидан
“Ёш дизайнерлар ижоди” номли либослар намойиши ўтказилди.
Ўзбекистон Давлат Табиат музейида ўтказилган мазкур тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Амалий санъат ва дизайн факультети “Либос дизайни” кафедраси профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида талабалар томонидан яратилган миллий, анъанавий ва замонавий услубларда яратилган бир-биридан ажойиб либослар коллекциялари намойиш этилди.
Намойишни институт ректори Аббосжон Мирзораҳимов очиб бериб, Президентимиз томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўқиш ва ишларида қулай шароитлар яратиш мақсадида бир қатор ишларни белгилаб бердилар…
Айнан ана шундай тадбирлар иқтидорли ёшларимизни либослар дизайни соҳасидаги билим ва кўникмаларини ижодий қўллаш имконини бериш билан биргаликда уларнинг миллий ва жаҳон маданияти қадриятларининг ўзаро таъсирини ўрганишга қаратилган лойиҳаларда, шунингдек, турли танлов ва фестивалларда ёшларнинг қатнашиши учун замин яратади, деб алоҳида таъкидлади.
“Мода” нимадан таркиб топган? Уни кимлар яратади ва намойиш эта олади?! Айнан “мода” масаласида дизайнерларнинг ўрни қандай? Шу каби кўплаб саволларга “Ёш дизайнерлар ижоди” деб номланган мўъжаз намойишда керакли жавобни бера олди.
Ушбу либослар намойишида дизайнерлар ўртасида ўтказилаётган танлов ва тадбирлар натижаси билан ҳамда “мода” билан қизиқувчилар, ижодкор ёшлар, бадиий таълим йўналишидаги институт талабалари ҳам иштирок этишди.
Бу намойиш “Либос дизайни” кафедрасидаги таълим жараёни ва ундаги ижодий фаолият улкан ютуқлар сари одимлаётганини кўрсатиб бера олди. Сабаби, мазкур намойишда Амалий санъат ва дизайн факультетининг бакалавр босқичида таълим олаётган 17 нафар талабанинг энг яхши ишлари ҳавола этилди.
– Бизнинг асосий мақсадимиз “Устоз-шогирд” анъаналарига таянган ҳолда, либос, тўқимачилик маҳсулотлари ва аксессуарларнинг янгича турлари ва шаклларини ўрганиш, лойиҳасини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этишдир. Шунингдек, мамлакатимиз демократик ислоҳотларини янада чуқурлаштириш жараёнларида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, соғлом эътиқодли, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишдир, – деди Амалий санъат ва дизайн факультети декани Юлдуз Нарзиева.