САФИМИЗ КЕНГАЙИШИНИ ИСТАРДИМ

Тасвирий санъат факультети 3-курс талабаси Азиза Шомуродова:
— Бу тадбир “Меҳрнинг нигоҳи” номи остида ташкил қилинаётган эзгуликнинг навбатдаги қадами бўлди. Биз бундан аввал институтдаги устозларим бошчилигида Сергели туманидаги 33-сонли имконияти чекланган болалар мактабида маҳорат дарсларини ўтиб келган эдик. Ўша тадбирдан сўнг кўп дўстларим, курсдошларим шу каби хайрли тадбирларда иштирок этиб, соғлиғида нуқсони бўлган ука-сингилларимизнинг кўнглини кўтариш истагида эканликларин айтишди. Шу сабабдан мен бу тадбирга Ўзбек Давлат Консерваторияси ҳамда Санъат ва маданият институтида таълим олаётган дўстларимни ҳам таклиф этдим…
Менга таъсир қилгани шу бўлдики, мактаб ўқувчилари бизни жуда кўтаринки руҳда қабул қилишди. Ҳаттоки, тадбир якунланишини, меҳмонларни кетишини хоҳлашмади. Айрим ўқувчилар кетиш тараддудига тушаётганимизда аразлаб ҳам қолишди. Биз уларга бундан кейин сизларни кўргани, маҳорат дарсларини ўтгани тез-тез келиб турамиз, дея тушунтирдик. Улар бизни кутишларини кўзлари, имо ишоралари билан билдиришди. Шу онда кўнглим шунчалар ёришиб кетди-ки, буни сўз билан тушунтира олмайман.
Мен навбатдаги тадбирларимизда сафимиз яна-да кенгайишини жудаям истар эдим…