Маълумки, бугунги кунда барча соҳалар қаторида олий таълим тизимида ҳам хорижий ҳамкорлик алоқалари жадал суратлар билан ривожланиб бормоқда.
Жумладан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам хорижий олий таълим муассасалари билан бир қанча ҳамкорлик меморандумлари имзоланган, шунингдек, кадрлар алмашинуви, ҳамкорликда илмий-амалий конференциялар доимий равишда ўтказилиб келинмоқда.
Хусусан, бугун институтга Қозоғистон Республикаси фан ва таълим вазирлигининг илм-фан Қўмитаси М.О.Ауэзов номидаги адабиёт ва санъат институти тасвирий санъат бўлими бошлиғи ва етакчи илмий ходими, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Диляра Шарипова ташриф буюрди.
Хорижлик меҳмон ташриф аввалида институтда ташкил этилган ўқув жараёнлари, талабалар учун яратилган имкониятлар, улар эришган муваффақиятлар билан яқиндан таништирилди.
Шундан сўнг у институтнинг санъатшунос талабалари учун ўзининг «Қозоғистон замонавий тасвирий санъати. Мавзулар ва образлар» мавзусида дарс машғулотини ўтди.
Дарс давомида меҳмон, хусусан Ўрта Осиё маданияти ривожида ўзбек тасвирий санъатининг таъсири юқори эканлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди.
Дарс якунида талабаларни қизиқтирган барча саволларга Диляра Шарипова томонидан батафсил жавоблар олишди.
Шарипова Диляра Сафаргалиевна – М.В.Ломоносов номидаги МДУ тарих факультетининг санъат тарихи бўлимини тамомлаган. Қозоқ рангтасвирининг шаклланиши даври ҳақидаги адабиётлар, миллий ва халқаро журналлардаги Қозоғистон, қўшни давлатлар тасвирий санъат тарихига бағишланган коллектив монографиялар ва илмий мақолалар муаллифи. Шунингдек, санъатшунослик илмий-тадқиқотида назарий муаммолар, Қозоғостон замонавий ҳайкалтарошлиги ва графикаси санъатшуноснинг қизиқишлари доирасига киради.