Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан талаба-ёшлар ўртасида ташкил этилган «Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда» ҳамда «Биз, ёшлар COVID-19 га қаршимиз» номли кўрик танловларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ҳамда мазкур танловларга иштирок этган ижодий асарларни ўзида жам этган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида ижодкор ёшлар онгу-шуурида Ватанимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга дахлдорлик туйғуларини шакллантириш ва истеъдодли талаба-ёшларнинг кашф этиш, истеъдодларини сайқалланиши ҳамда тажриба тўплашларида берилаётган сифатли бадиий таълим билан бир қаторда, бу каби ижодий кўрик танловларнинг аҳамияти беқиёс эканлиги, шу маънода, институтнинг асосий мақсади ҳам айнан Янги Ўзбекистон санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, ҳар томонлама баркамол, Камолиддин Беҳзод ва бошқа буюк мусаввирларга муносиб издош бўла оладиган истеъдод эгаларини тарбиялаш эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, ғолиб ва совриндорларни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳамда Бош илмий котиби Феруза Абиджанова билан биргаликда диплом ва пул мукофотлари билан тақдирладик.
Мазкур танловлар эълон қилингандан сўнг талаба-ёшлар ўртасида катта қизиқиш билан кутиб олинди ҳамда 150 дан ортиқ ижодий ишлар тақдим этилди.
Ҳеч сир эмаски, кейинги беш йилликда Ўзбекистонда жаҳон тарихи учун ҳам ноёб ҳисобланган туб ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилди. Уларни тасвирий ва амалий санъат, дизайн асарлари орқали очиб бериш, халқимизга ижодкорлик нуқтайи назаридан етказиш ижодкорлар олдида турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. «Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда» номли танловнинг ҳам асосий мақсади айни шу жараёнларга ижодкор талабаларнинг мунбосабатини акс эттириш, уларни ижодларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборатдир.
Ушбу танлов 5 та номинация бўйича ўтказилди ҳамда ҳар бир номинация ғолиблари 2 000 000 (икки миллион) сўм пил мукофоти ҳамда диплом билан тақдирланди.
«Биз, ёшлар COVID-19 га қаршимиз» номли танловда асосий урғу жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб келаётган ҳамда халқаро ва ижтимоий алоқаларда кўплаб чекловлар ўрнатилишига сабаб бўлган коронавирус инфекциясини кенг тарқалишини олдини олиш, хусусан, уни олдини олишнинг энг самарали усули вакцина олиш эканлигини ифода этиш, барчани огоҳликка чақириш ҳамда бу тождор вирусга қарши курашда матонат кўрсатга тиббиёт ходимларининг машаққатли меҳнатларини эътироф этишга қаратилган бўлиб, талаба-ёшлар томонидан турли хил усул ва шакллардаги кўплаб ижод намуналари тақдим этилди.
Ушбу танловда иштирок этган ижодий ишлар умумий тарзда баҳоланди ҳамда биринчи ўрин соҳиби 2 000 000 (икки миллион) сўм, иккинчи ўрин соҳиби 1 500 000 (бир миллион беш юз минг) сўм ва учинчи ўрин соҳиби 1 000 000 (бир миллион) сўм ва яна учта рағбатлантирувчи мукофот соҳиблари 500 000 (беш юз минг) сўм пул мукофотлари билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбир доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан мунтазам ўтказилиб келинаётган «Йил талабаси 2021» кўрик-танловининг институт босқичида тўртта номинация бўйича ғолибликни қўлга киритиб, кейинги босқичга йўлланма олган талаба-ёшларга ҳам диплом ва 4 143 000 (тўрт миллион бир юз қирқ уч минг) сўм пул мукофотлари тақдим этилди.
Барча ғолиб ва совриндорларни яна бир бор муборакбод этган ҳолда шуни таъкидламоқчиманки, азиз ёшлар, сизларни ўқиш ва ижодингизни, эзгу ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга доимо тайёрмиз.
Ўқинг, изланинг, ижод қилинг ҳамда Янги Ўзбекистон санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳиссангизни қўшинг!
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий
рассомлик ва дизайн институти ректори