3 февраль куни Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида ўзига хос услуби ва йўналиши билан ўзбек рангтасвири ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижодкор-рассом Бахтиёр Маҳкамовнинг “Очилмаган тилсим” номли шахсий кўргазмасининг очлиши бўлиб ўтди.
Ушбу маросимда юртимизнинг кўплаб атоқли мўйқалам усталари, таниқли санъат ва адабиёт намоёндалари, шунингдек, рассомнинг яқинлари, шогирдлари ва санъат ихлосмандлари қаторида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти жамоаси ҳам иштирок этди.
Институт раҳбарияти номидан устоз-рассомни муборакбод этар экан, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Эшмамат Хаитов бугунги кунда юртимиз тасвирий санъати ривожи ҳамда унда янги номларнинг шаклланишида Бахтиёр Маҳкамовнинг ўрни беқиёс эканлигини алоҳида эътироф этиб ўтди.
Кўргазмада рассомнинг инсон ва табиат уйғунлиги, инсон тақдири чуқур фалсафий маънолар уйғунлигида ифода этилган «Тутилиш», «Абдулла Қодирийга бағишлов», «Афсона», «Сирли учрашув» каби кўплаб асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Бахтиёр Маҳкамов Буюк Британия, Германия, АҚШ, Қозоғистон, Бельгия ва Хитой каби дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўз ижодий асарларини намойиш этган таниқли рассом саналади.
Бугунги кунда эса Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида педагогик фаолият олиб бормоқда.
Мусаввирнинг 30 дан ошиқ ишлари жамланган мазкур кўргазма 3 мартга қадар давом этади.