“Буюк ипак йўли тимсоллари: санъат асарлари тарихий манбаа сифатида” мавзусида онлайн маъруза ташкил этилди


Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида хорижий олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот муассасаларида фаолият олиб бораётган ватандошлар билан илмий мулоқот ўрнатиш ва шу орқали ўзаро тажриба алмашиш, хорижда олиб борилаётган тадқиқотлар билан институт ёш олимларини таништириш мақсадида онлайн маърузалар ташкил этиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 11 февраль куни институт раҳбарияти томонидан ўтказилган навбатдаги онлайн семинарда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази ва Франция Ижтимоий фанлар олий мактаби (EHESS) илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Дилноза Дутураева “Буюк ипак йўли тимсоллари: санъат асарлари тарихий манбаа сифатида” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.

Дилноза Дутураева Тошкент давлат шарқшунослик институтини тамомлаган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти аспирантураси, Германиянинг Бонн университети Синология бўлими постдокторантурасида таҳсил олган. Ҳозирда Франциянинг Ижтимоий фанлар олий мактаби илмий ходими сифатида фаолият олиб бормоқда. У медиевистика ва синология соҳаси, жумладан, Хитой ва Марказий Осиё халқлари тарихи, Қорахонийлар ва Қорахитойлар тарихи, Мўғулистонда Шарқий Чиғатойлар сулоласи тарихи, Буюк Ипак йўли, сино-туркий муносабатлар, халқаро савдо, дипломатия, миграция ва маданий алоқалар тарихи мавзусида илмий тадқиқотлар олиб боради.

Галле-Виттенберг университети (Германия, 2008-2009), Мадисондаги Висконсин университети (АҚШ, 2010) ва Нанкин унверситети (Хитой, 2012-2013)да илмий тадқиқотлар олиб борган. Бонн университетида Марказий Осиё ва Хитой тарихи бўйича талабаларга дарс берган (Германия, 2015-2016 ва 2021-2022). Steppe Sisters халқаро ташкилотининг бошқарув қўмитаси аъзоси.

2022 йили Лейдендаги Brill нашриёти томонидан Qarakhanid Roads to China: A History of Sino-Turkic Relations монографияси нашр этилган. Германиянинг илмий тадқиқотлар жамияти DFG (2019-2022), Александр фон Гумбольдт AvH (2015-2018) ва Герда Хенкель Gerda Henkel (2012-2013) жамғармалари, Германиянинг академик алмашинув хизмати DAAD (2008-2009) ва Хитойнинг Конфуций институти (2012-2013) томонидан таъсис этилган халқаро илмий-тадқиқот стипендиялари ва грантлар соҳиби.

Онлайн маърузада институтнинг Санъат тарахи ва назарияси кафедраси, Музейшунослик кафедраси профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар, магистр талабалар иштирок этишди. Маъруза юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Айтиш керакки, бундай маърузалар хорижда фаолият олиб бораётган ватандошларнинг эришган илмий ютуқларини ёшларга етказиш орқали уларни илмий тадқиқот ишлари кўламини янада кенгайтиришга рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.