Илмий тадқиқотчиларнинг тадқиқот фаолияти натижалари, вазифалар ва истиқболдаги режалари муҳокама қилинди

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида илмий тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларни илмий тадқиқот фаолиятига жалб этиш, институт илмий салоҳиятини янада ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Тадқиқотчиларни илмий ишлари натижаларини чоп этиш мақсадида “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси” илмий-амалий журнали, “Art and Design: Social Science” илмий-инновацион электрон журнали фаолияти йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда институтда Санъат назарияси ва тарихи, Тасвирий ва амалий безак санъати, Музейшунослик: тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, Дизайн назарияси ва тарихи ихтисосликлари бўйича докторантлар ва мустақил изланувчиларнинг қабул қилиниши илмий тадқиқот ишларини олиб боришга иштиёқ ортиб бораётганлини кўрсатмоқда.

2022 йилнинг 10 февраль ҳолатига 39 нафар таянч докторантлар, докторантлар ва мустақил изланувчилар илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланмоқда. Улардан 10 нафари таянч докторант (PhD), 1 нафари докторант (DSc), 29 нафар мустақил изланувчи ҳисобланади.

Институт ректори, тарих фанлари номзоди Aббосжон Мирзорахимов бугун улар билан учрашув ўтказди ҳамда илмий тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, илмий фаолиятни бевосита амалиёт билан боғлаш, жамият ва давлат тараққиёти, санъатшунослик фанининг замонавий санъат соҳаларини ривожлантиришга қўшадиган хиссасини янада ошириш масалаларига тўхталиб, илмий ишларнинг қайси соҳада бўлишидан қатъий назар мамлакатни ривожлантиришга қўшадиган хиссасига алоҳида эътибор қаратиш лозим эканлигини қайд этди.

Учрашувда илмий тадқиқот ишларини режа асосида белгиланган муддатларда ҳимоя қилиш, илмий мақолаларни нашр этиш, тадқиқот ишларини изчил олиб бориш, илмий семинарларни тизимли ўтказиш, тадқиқот ишлари сифатига алоҳида эътибор қаратиш масалалари ҳар бир тадқиқотчининг фаолияти мисолида таҳлил этилди.

Тадқиқотчиларнинг илмий ишлари натижаларини республика ва хорижий нуфузли илмий журналларида чоп этиш борасида тадқиқотчиларга амалий ёрдам бериш, илмий фаолият учун зарур бўлган барча шароитларни яратиш ҳақида фикрлар билдирилди.