ЭЪТИБОРДАН ЮКСАЛГАН ҚАДР

Ҳар қандай ижодкор у хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, эътибордан юксалади, кўнгли тоғдек кўтарилади. Чунки қўлига қалам олиб, гўзаллик яратиш истагидаги санъат аҳли борки, катта қалб ва катта туғён билан яшайди…

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида узоқ йиллардан буён ёшларга устозлик қилиб келаётган маҳоратли педагог, ўзбек тасвирий санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижодкор, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, профессор Йигитали Турсунназаровнинг ижодига бағишланган “Замондошлар куйчиси” номли учрашув, конференция ва кўргазма ташкил этилди.

– Бизнинг мақсадимиз, энг аввало ёшларимизга устозларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўргатиш, тажриба ва маҳоратлари билан яқиндан танитиш, уларнинг бу мавқега эришишларида тинимсиз меҳнат, сабр ва қаноатлари сабаб эканлигини англатиш. Бу кўргазмалар, тадбирлар замирида биргина эзгу ният бор. У ҳам бўлса, шу ерда таълим олаётган талабаларнинг билим ва заковатини, маънавий салоҳиятини ривожлантириш. Келажакда уларни ҳам Устоз-академик номига муносиб бўла оладиган даражага олиб чиқишдир, – деди институт ректори Аббосжон Мирзораҳимов.

Конференция вақтида институтнинг бир қатор талабалари истеъдодли рассомнинг катта тажриба ва маҳоратга суяниб чизилган расмларини таҳлил қилиб, ҳар бир асарнинг ўз мазмун-моҳияти, сўзсиз, ранглар орқали намоён бўлган орзу ва умид, дарду изтироблар ҳақида бафсил сўзлаб беришди. Сўнг Йигитали Турсунназаров ёшларга ҳаёти давомида, шунингдек, ижод йўлларида олган сабоқлари ҳақида сўзлаб берар экан, тадбир якунида:
– Шу кунга қадар институтда менинг ижодимга бу қадар эътибор берилиб, асарларим кўргазмаси ташкил этилмаган эди.
Бу таълим даргоҳида академик ва профессорлар бисёр. Аммо, улардан ёш жиҳатдан катта бўлганим учун бу эзгу иш мендан бошланибди. Бугун эътибордан қадрим тоғдек юксалди. Бунинг учун барчангизга раҳмат! – деди.
Конференция сўнгида маърузачи талабаларга сертификатлар топширилди.