Маълумки, бугунги кунда институтда ўз истеъдоди ва интилиши билан нафақат институт талабалари учун, балки юртимиз ёшлари учун ҳам намуна бўлиб келаётган кўплаб иқтидор эгалари билим олишмоқда.
Ана шундай иқтидор эгаларидан бир қанчаси юксак эътирофга сазовор бўлиб, институт нуфузини янада ошишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Жумладан, «Музейшунослик, тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш» мутахассислиги 2-босқич магистранти Музаффара Ишанова, «Тасвирий ва амалий санъат» таълим йўналиши 4-босқич талабаси Махлиё Умрзоқовалар Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, Тасвирий санъат факультети Касб таълими: Рангтасвир (дастгоҳли) таълим йўналиши 3-босқич талабаси Мафтуна Тоштемирова Ислом Каримов давлат стипендияси ҳамда Рангтасвир: Театр безаги рангтасвири таълим йўналиши 3-босқич талабаси Хилола Йўлдошевалар Навоий давлат стипендияси соҳибасига айланишди. Шунингдек, бир қанча талабалар ушбу стипендиялар учун бўлиб ўтган саралашларда алоҳида эътирофларга сазовор бўлишди.
Учрашувда уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, 10 январдан 5 февралга қадар талабалар ўртасида уларнинг ижодини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган бир қанча танловларда ҳам фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган талабалар ҳам диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди.
Тадбирда сўзга чиққан “Мард ўғлон” ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибу соҳибалари ҳам бугун ёшлар учун мамлакатимизда кенг имкониятлар яратилгани, ёшлар эса улардан унумли фойдаланган ҳолда нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам ўз истеъдодларини намоён этишлари мумкинлигини таъкидлашди.
Шундан сўнг институт ректори талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот аввалида Аббосжон Мирзораҳимов бугун институтда ҳар бир ёшнинг олдига қўйилган асосий вазифа ўқиш, ўрганиш ва етук мутахассисга айланиш эканлигини, институт ходимлари эса уларга шароит яратиб бериш учун меҳнат қилаётганларини таъкидлаб, ёшларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглаш ва қўллаб-қувватлашга, уларни қийнаётган муаммоларга ечим излашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашув давомида ёшлар томонидан:
– институт радиоси ишини қайта ташкил этиш;
– битирувчиларни ижодий ишларини каталог сифатида нашр этиш;
– чет эл адабиётларини ўзбек тилига ўгириш ишларини янада жадаллаштириш;
– тил ўрганишлари учун, айниқса, битирувчи курс талабалари учун имтиёзлар яратиш;
– институтнинг «Заковат» клуби фаолиятини янада ривожлантириш ва яна бир қатор масалалар бўйича кўплаб таклифлар билдирилди.
Ушбу таклифларнинг барчаси институт ректори томонидан инобатга олиниб, масъулларга уларни амалга ошириш ва ёшларга кўмак бериш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
.