Илҳом Жабборов 1945 йилнинг 30 июнида Ўрта Чирчиқ туманида таваллуд топган. Олмос қишлоғидаги мактабда 8 йиллик маълумот олгандан сўнг Илҳом 1961 йили Тошкентдаги бадиий билим юртининг театр безакчиси бўлимига ўқишга киради.
Атоқли ҳайкалтарош тўрт йил мобайнида Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртининг театр бутафорияси бўлимида таҳсил олади .
Билим юртидаги ўқишни якунлагач, Наманган театрига йўлланма олади ва ишга боради. 1966 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг ҳайкалтарошлик факультетига ўқишга киради. Бу ерда у таниқли ҳайкалтарош Анвар Аҳмедовдан сабоқ олди. 1971 йилда ушбу институтни тамомлайди.
Илҳом Жабборов 1995 йилдан эътиборан Республика рассомлик коллежида ўқитувчи сифатида фаолият олиб борган. 1997 йилдан Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳайкалтарошлик устахонаси раҳбари, профессор, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги (1997), “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” (1989), “Меҳнат Шуҳрати” ордени совриндори (2001), Давлат мукофоти лауреати, ҳайкалтарош. Ҳайкалтарош томонидан Тошкент (1993 йил), Самарқанд (1996), Шаҳрисабз (1996) шаҳарларидаги Амир Темурга атаб яратилган ҳайкаллар, Аҳмад ал-Фарғонийга бағишлаб Фарғона ва Қува шаҳарларида ўрнатилган ёдгорликлар (1998), Урганчдаги “Жалолиддин Мангуберди” (1999), “Мотамсаро она” (Тошкент, 1999), “Ибн Сино” (Бельгия 2000), “Низомий Ганжавий” (Тошкент, 2004), “Бахтиёр она” (Тошкент, 2005), “Абдулла Қаҳҳор” (Тошкент, 2007), “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи (Бухоро, 2010) каби маҳобатли ҳайкалтарошлик намуналари яратилган.