3 апрель 2019 йил Тошкент Халқаро Вестминстер университети Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Тошкент Архитектура ва Қурилиш институти билан ҳамкорликда семинар ташкил этди. Унда ҳар бир Олий ўқув юртидан профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва талабалар иштирок этдилар. “Келажакка интилиш” мавзусида ўтказилган ушбу семинарда институтимиз таянч докторантлари Ойбек Қосимов ва Асалхон Рахматуллаева, Тошкент Архитектура ва Қурилиш институти “Интерьер ва ландшафт” кафедраси катта ўқитувчиси Елена Добронравовалар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Тадбирни Тошкент Халқаро Вестминстер университети талабаларни ижтимоий ривожлантириш бўлими бошлиғи Гўзал Султанова кириш сўзи билан очиб, семинар ўтказишдан кўзда тутилган мақсадга тўхталди ва навбатни семинар модератори Эътибор Мирзаназаровага берди.
Модератор ўз навбатида семинар иштирокчиларини таништирди ва уларга сўз берди. Илк маърузачи К.Беҳзод номидаги МРДИ таянч докторанти А.Рахматуллаева “Ўрта аср достонларига ишланган миниатюраларда табиат талқини” мавзусидаги нутқи билан семинарнинг тарихий қисмини олиб борди. Шарқ миниатюра асарларидаги табиат тасвири, ландшафт мавзуларининг кўринишлари борасида гапириб, уларнинг талқинига алоҳида эътибор қаратди.
Кейинги маърузачи институт таянч докторанти О.Қосимов ўзининг “Тошкент турар-жой муҳити ва ландшафт дизайнининг ўзига хослиги” мавзусида Тошкент шаҳрининг қадимий кўринишлари ва замонавий ўзига хослигини таъкидлаб, шаҳар муҳитининг босқичма-босқич ривожига тўхталди. Маърузачи асосий эътиборни шаҳарнинг замонавий кўринишлари ва ҳозирги кундаги ривожига алоҳида эътибор қаратди.
Навбатдаги маъруза ТАҚИ катта ўқитувчиси Е.Добронравованинг “Шаҳар ландшафт дизайнини лойиҳалаштиришга ёндашув (талабалар ишлари мисолида)” мавзусида бўлди. Муаллиф шаҳарнинг кейинги йиллардаги кўриниши, келажакдаги ривожи ва лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди.
Ҳар бир маърузачи ўз чиқишларини слайдлар асосида намойиш этдилар. Институтимиз “Тасвирий санъат тарихи ва назарияси” кафедраси доценти, Санъатшунослик фанлари номзоди Равшан Фатхуллаев дизайн санъатининг келажакдаги кўринишлари ва юқоридаги маърузалар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди. Тадбир давомида меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Семинар иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларда катта таассурот қолдирди. Тадбир сўнгида Олий ўқув юртлари ўртасидаги бундай ҳамкорлик учрашувлари, семинар ва тадбирларнинг бардавом бўлишига умид билдирилди.