Камолиддин  Беҳзод  номидаги  Миллий  рассомлик  ва  дизайн  институтининг Амалий  санъат  факультети  томонидан  2011 йил  март  ойида  «ASC» (“Амалий  санъат  клуби”)  ижодий  гуруҳи  ташкил  этилган бўлиб, мазкур  ижодий  гуруҳнинг  мақсади  имконияти  чекланган  ва  кам  таъминланган  болаларга  ҳам  моддий,  ҳам  маънавий  ёрдам  бериш,  турли  ҳайрия  тадбирлари,  кўргазмалар  ва  маҳорат дарслари  ўтказишдан  иборатдир. 2011 йил  23 май  куни  “ASC”  ижодий  гуруҳи  “SANVIKT” ногирон-болалар  илмий  тадқиқот  бадиий  маркази  билан  ҳамкорликда  илк  бор  “Келажакка  бир  қадам”  деб  номланган  ҳайрия  тадбирини  ташкил  этган.

Мазкур хайрия тадбири 2019 йилда Амалий санъат факультети томонидан саккизинчи маротаба ўтказилмоқда. Тадбирни факультет декани Сайёра Саидова раҳбарлигида “ASC”  ижодий  гуруҳи  аъзолари  ҳар йили катта  тайёргарлик  билан  ўтказишади. Тадбир ташкилотчиларини қўллаб қувватлаш, қолаверса юқори савияда ўтиши учун ҳамкор ташкилотлар, жумладан,  Ўзбекистон  Бадиий  Академияси, К.Беҳзод номли Миллий рассомлик ва дизайн институти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва  бир  қатор  ҳомийлар  жалб  қилинган. Шунингдек, тадбирни кўтаринки руҳда ўтиши, байрам дастурхони ташкил қилиш учун  асосий хомийлардан, эл севган санъаткор Фарход Саидов ва унинг раҳбарлигидаги “Сарбон” гуруҳи  аъзолари ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

2019 йил 2 май куни Амалий санъат факультети ва “SANVIKT” ногирон-болалар  илмий  тадқиқот  бадиий  маркази ҳамкорлигида ўтказилган ҳайрия тадбирини Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Ваҳобжонович Нуриддинов очиб бердилар. Бундай тадбирларни ўтқазиш, хайрли ишларга қўл уриш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлиги ҳақида гапирар эканлар,  шундай олийжаноб ишларни амалга ошириб келаётган факультет раҳбари С.Саидова, ногирон ва кам таъминланган болаларга моддий ва маънавий кўмак бериб келаётган, кўнглига қувонч ва бахт олиб киришга сабабчи бўлиб келаётган халқимиз севган санъаткори Фарҳод Саидовга, мана шундай олийжаноб фарзандларни тарбиялаганликлари учун авваламбор ҳожи ота Жўрақул ака Саидовга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. Шунингдек, 20 йил муқаддам марказ директори Гулсара Раджапова билан биргаликда бу марказни ташкил қилиш учун қанчалар машаққатли йўлни босиб ўтиб, бунга эришганликлари ҳақида гапириб ўтдилар. Тадбирга Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси ўринбосари Ф.Э.Ташмухамедов, УзБА Бош илмий котиби Ф.А.Абиджанова ва МКЗ директори О.И.Рўзиев ташриф буюриб, тадбирни ташкил қилганларга ва ташриф буюрган меҳмонларга илиқ фикрлар билдирдилар.

Факультет раҳбари С.Саидова  бу хайрия тадбири факультетнинг йиллик режасига киритилгани ва буни амалга оширишда марказ директори Г.Раджапова бағрларини очиб бериб, марказдан жой ажратганликлари учун ўз миннатдочилигини билдирди. Шу билан бирга, бу тадбир факультет томонидан ўтказиладиган энг муҳим тадбирлардан эканлиги ва тадбирни ўтк азишдан мақсад, ҳар бир талабанинг қўнглига, қалбига  ногирон болаларни кўриб туриб шукроналик ҳиссини олиб кириш, эзгулик улашиш, хайрли ишларга жалб қилиш эканлигини таъкидлади.

Ушбу  ҳайрия  тадбирида  50 дан  зиёд  имконияти  чекланган  ва  кам  таъминланган  болалар  қатнашди. Тадбирда Тасвирий ва амалий санъат йўналиши бўйича “маҳорат дарслари” ўтказилиб, 5 та йўналишлар бўйича (1.Кулолчилик; 2.Ҳайкалтарошлик; 3.Ўйинчоқлар ясаш ва тикиш; 4.Боди-арт; 5.Рангтасвир)  болажонлар билан ижодий жараён олиб борилди.

Маҳорат дарслари тугагач, болажонларга байрам дастурхони ёзилди ва ҳар бир болага совғалар улашилди. Шунингдек, болажонларга совғаларни тайёрлашда, ҳайрия тадбирини ўтказишда яқиндан ёрдам берган хомийларга Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Н,Б.Сайфуллаев ва  “SANVIKT” ногирон-болалар  илмий  тадқиқот  бадиий  маркази директори Г.Раджапова томонидан дипломлар берилди.