Келажак учун овоз берамиз!


Давлат ҳокимиятини шакллантириш мақсадида ўтказиладиган сайловлар нафақат демократиянинг белгиси ёки кўриниши, шу билан бирга, унинг зарурий шарти ҳамдир. Сайлов – фуқароларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишининг энг муҳим воситаларидан биридир.

Барчангизга маълумки, айни дамда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови остонасида турибмиз. Юртимиз келажаги, сизу-бизнинг эртанги кунимиз кўп жиҳатдан мазкур сайлов натижаларига чамбарчас боғлиқ ҳисобланади.

Бугун нафақат мамлакатимиз аҳолисининг балки, жаҳон ҳамжамиятининг ҳам нигоҳи айни шу жараёнга қаратилган, десак асло муболаға бўлмайди. Негаки, эркин ва демократик ҳамда тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида ўтказилаётган ушбу сайловлар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг яна бир тимсолига айланди.

Ўйлайманки, эртанги кунига бафарқ бўлмаган ҳар бир инсон ушбу сайлов жараёнларида фаол иштирок этади ҳамда ўзининг мустақил танловини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланганидек, «Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин».

Шундай экан, биз – зиёлилар жонажон Ватанимиз, олижаноб халқимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун фаол фуқаролик позициямизни, ўз сиёсий танловимизни билдирайлик.

Қадрли устозлар, азиз талаба-ёшлар!
Бўлажак сайловда фаол иштирок этайлик ва юртимиз келажаги учун овоз берайлик!

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори.