Ассалому алайкум, таянч докторантура ва докторантурага хужжат топширган талабгорлар!
Бугун (15 ноябрь) соат 15:00 да Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2022 йил учун таянч докторантура, докторантурага ҳужжат топширган 15 нафар талабгорларнинг мутахассислик фанлари “Санъат назарияси ва тарихи”, “Тасвирий ва амалий безак санъати” ҳамда “Музейшунослик. Тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш” ихтисосликлари бўйича имтиҳон бўлиб ўтади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда институтимизда илмий йўналиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Асосийси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2020 йил 28 декабрдаги ташқи баҳолаш натижаларига кўра, институт фаолияти “Аттестациядан ўтди” деб эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг 2020 йил 9 июлдаги 183-сонли қарорига асосан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи (PhD) 38/09.07.2020.San 119.01 рақамли илмий Кенгаш тузилиб, тадқиқотчиларнинг диссертация ишларини ҳимоя қилишлари учун имкон яратилди.
Шу кунга қадар илмий Кенгашда институт таянч докторантурасида таҳсил олган 4 нафар тадқиқотчиларнинг диссертация ҳимоялари муваффақиятли ўтказилиб, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлдилар.
Жорий йилнинг 24 ноябрь куни 17.00.05 – Дизайн назарияси ва тарихи ихтисослиги бўйича илк бора илмий Кенгаш асосида тузилган бир марталик кенгашда 2 нафар талабгорнинг ҳимояси ўтказилади.
Институтимизда илмий йўналишда фаолият олиб бораётган ёш олимларнинг тадқиқот натижаларини илмий журналларда нашр этиш имконини яратиш мақсадида “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси” илмий-амалий журнали таъсис этилди. Журнал Олий аттестация комиссиясининг 2020 йил 30 октябрдаги 287/9.1.-сон Раёсат қарори билан санъатшунослик ихтисослиги бўйича диссертациялар асосий натижаларини чоп этиш бўйича илмий журналлар рўйхатига киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 16 июнь куни «Олий таълим соҳасидаги ислохотлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик» мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий таълим соҳасидаги устувор йўналишлар белгилаб берилди. Шу жумладан, устувор йўналишларнинг бири сифатида олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш деб кўрсатилди ва олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу боис, Президентимиз келгуси 2022 йилдан докторантурага квоталар сонини 2 баравар кўпайтириш, кейинги йиллардан ҳар йили 50 фоизга ошириб боришга кўрсатма бердилар.
Бундан ташқари, қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги 8-сон қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг 9-бандида институтнинг илмий салоҳиятини босқичма-босқич ошириш мақсадида докторантурага ҳар йилги қабул квотасини кўпайтириш вазифаси белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2022 йил учун, аввалгилардан фарқли равишда ихтисосликлар бўйича қабул квоталари 2 баробарга оширилди.
Агар институт илмий салоҳият кўрсаткичини таққослайдиган бўлсак, 2019 йил бошида 22,2% ни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, 33,7 % га етди.
2022 йил учун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти таянч докторантура, докторантура ва мақсадли таянч докторантурага 20 нафар талабгордан ҳужжатлар келиб тушган.
Ҳурматли, талабгорлар!
Мен бугунги 17.00.08 – Санъат назарияси ва тарихи, 17.00.04 – Тасвирий ва амалий безак санъати ҳамда 17.00.06 – Музейшунослик. Тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ихтисосликлари бўйича имтиҳон комиссияси раиси ва аъзоларини таништириб ўтмокчиман:
Раис: Камола Акилова – Ўзбекистон тасвирий санъати галереяси директори, санъатшунослик фанлари доктори профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Раис ўринбосари: Дилафрўз Қурбонова – институт Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор, тарих фанлари доктори.
Аъзолар: Усмон Қорабоев – Музейшунослик кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори.
Дилзода Алимкулова – Санъат тарихи ва назарияси кафедраси мудири, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Бинафша Нодир – “San`at” журнали Бош муҳаррир ўринбосари, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Жорий йилдаги имтиҳонлар аввалгиларидан фарқли равишда ижтимоий тармоқлар орқали жонли трансляция қилинмоқда.
Бу эса ўз навбатида, мазкур имтиҳонларнинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади.
Мен фурсатдан фойдаланиб, таянч докторантура ва докторантурага ҳужжат топширган барча талабгорларга ўз билимларига таянган ҳолда жавоб беришларини сўраб, имтиҳон раиси ва аъзоларига шаффофликни таъминлаб беришларига ишонган ҳолда барчангизга омад тилаб қоламан!
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори.