ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси қатнашувида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида бажарилаётган “Анъаналар орқали инновациялар: миллий ҳунармандчилик соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида институтда 2022 йилнинг 10 март куни “Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандчилиги: анъана ва инновациялар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Илмий анжуман аввалида сўзга чиққан институт ректори Аббосжон Мирзорахимов юртимизда қадимдан оилавий ҳунармандчилик ривожланиб келгани, хусусан, маълум бир ҳунар турига ихтисослашган маҳаллалар ҳам кўп учраганини, бугун эса ушбу анъаналар ва замонавий инновациялар уйғунлашиб бораётганини алоҳида қайд этиб, бугунги анжуман ушбу анъана ва инновацияларнинг илмий аcосини яратишга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ўзбек амалий санъати сўнгги беш йилликда ўзига хос ривожланиш босқичига чиққанини, айниқса, жаҳон даражасидаги ҳунармандчилик фестивалларининг ташкил этилиши бунинг яққол мисоли эканлигини, бугун эса соҳанинг илмий жиҳатдан таҳлил этилиши кутилаётган ушбу нуфузли анжуман ҳам ўзбек амалий санъатининг халқаро даражадаги эътирофи эканлигини алоҳида қайд этди ҳамда конференция ишига мувафаққият тилади.
Конференция замонавий амалий санъат ва ҳунармандчиликда янги тамойиллар: анъана, инновация ва тадбиркорлик, Ўзбекистон замонавий амалий санъатида анъаналар давомийлиги йўналишларида ўз ишини олиб борди. Анжуманда Россия, Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон олимлари илмий мақолалари билан иштирок этди. Унда замонавий эврилишлар, жаҳон маданий ва ижтимоий жараёнларига таъсир этувчи омиллар натижасида амалий санъат ва ҳунармандчиликда кузатилаётган ўзгаришлар, анъаналарни сақлаш, инновациялар ва анъаналарнинг ўзига таъсир тамойилларига оид муаммолар ечими юзасидан хулосалари ва таклифлари билдирилди.
Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилигида ўзига хос услублар ва воситаларнинг ривожланиши, ўзига хос мактаблар анъаналарининг бадиий хусусиятлари, амалий санъатда “устоз-шогирд” анъаналари, усталар ижоди, замонавий бадиий жараёнларда ҳунармандлар фаолиятининг аҳамияти долзарб аҳамият касб этмоқда. Миллий амалий санъат ва ҳунармандчилик мактабларининг тараққий этиши, усталар ижодида янги услубларнинг вужудга келаётганлиги, соҳада кадрлар тайёрлаш масалалари, соҳага инновацион ёндашувнинг талаб этилиши масалалари муҳокама этилишини тақозо этмоқда. “Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандчилиги: анъана ва инновациялар” мавзусидаги халқаро илмий конференцияси айнан ушбу масалалар муҳокамаси билан долзарб аҳамият касб этади.
Конференцияда олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқот муассасалари ходимлари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, докторантлар, мустақил изланувчилар ва магистрантлар иштирок этишлари мумкин.