«Замонавий амалий санъат: декор ва услуб» деб номланган III Тошкент Халқаро амалий санъат биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бугун Марказий кўргазмалар залида 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»га бағишланган «Замонавий амалий санъат: декор ва услуб» деб номланган III Тошкент Халқаро амалий санъат биенналесининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимни очиб берар экан, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур унутилиб бораётган халқ анъаналарини қайта тиклаш ва замонавий амалий санъатда юз бераётган жараёнларни амалда намойиш этиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган
“III Тошкент Халқаро амалий санъат биенналеси” том маънода санъат ва маданият байрами эканлигини алоҳида таъкидлаб, барчани ушбу қувончли воқеа муносабати билан самимий муборакбод этди ҳамда қатнашчиларга улкан ижодий муваффаққиятлар тилади.

Шунингдек, таниқли санъаткорлар томонидан тақдим этилган миллий ва замонавий куй-қўшиқлар ҳамда бетакрор либослар намойиши йиғилганларга янада хуш кайфият улашди.
Юртимиз ва хориждан кўплаб таниқли ижодкорлар, мутахассислар ҳамда санъат ихлосмандларини жам қилган ушбу тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг педагогик жамоаси ҳамда талаба-ёшлари ҳам фаол иштирок этди.

Биеннале 12 ноябрга қадар давом этади ҳамда унинг дастуридан юртимиз ва хориждан ташриф буюрган амалий санъат усталарининг маҳорат дарслари, амалий санъат асарлари кўргазмалари, шунингдек, либослар намойиши жумладан, институтимиз талаба-ёшларининг ҳам либослар коллекцияси намойиши ўрин олган.

III Тошкент Халқаро амалий санъат биенналеси давом этмоқда.


Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори