Бугун юртимизда илм-фанни ривожлантириш, провардида эса мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш учун олий таълим тизимида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, олий таълим муассасаларининг халқаро грант лойиҳалардаги иштироки ҳам тизимнинг келгуси ривожи учун муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳам бир қанча халқаро грант лойиҳаларда иштирок этаётган бўлиб, улардан бири бу – Европа Комиссияси томонидан ташкил этилган Erasmus+ дастурининг КА2 – Олий таълимда салоҳиятни ошириш доирасидаги MUSAE (Multidisciplinary Skills for Artists’ Entrepreneurship) лойиҳасидир.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади – ижодкор талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва креатив индустрияларда муваффақиятли фаолият олиб бориш компетенцияларини ривожлантиришдир.
Лойиҳада иштирок этиш орқали бадиий ижод жараёнига бошқарув тамойилларини қўллашни ривожлантириш, санъат соҳасида тадбиркорлик бўйича янги ўқув модулларини ишлаб чиқиш, бадиий таълимга ихтисослашган олий таълим муассасаларида маданий тадбиркорликни йўлга қўйиш ва миллий бизнес жамоатчилиги билан ҳамкорликни кучайтириш вазифалари белгиланган.
2021-йилнинг декабрь ойида лойиҳа доирасида институтда бизнес инкубаторни ташкил этиш мақсадида грант маблағлари ҳисобидан лаборатория ускуналари харид қилинди. Дуопринтер, лазер гравировка ускунаси, рангли принтер, компьютер шулар жумласидандир.
Албатта, ушбу жиҳозларнинг институтда мавжуд бўлиши келажакда талаба-ёшларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлашлари, провардида эса ўз касбининг етук мутахассиси бўлишлари учун муҳим аҳамият касб этади.