Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат факультетининг 1-босқич талабаларининг мутахассислик фанларидан якуний назорат кўриклари ҳам ўзига қизғин муҳокамаларга бой тарзда бўлиб ўтди.
Негаки, эндигина институт остонасига қадам қўйиб, санъат сир-асрорларини мукаммал ўрганишни бошлаган ҳамда олий таълим даргоҳидаги ўзига хос талабларни ўзлаштираётган ёшларни ижодига баҳо беришда ўзига хос ёндошув талаб этилади.
Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Баҳодир Жалолов бошчилигидаги комиссия аъзолари биринчи навбатда талабаларнинг ранг ва ашёларни ҳис этиш даражасига, дарсга ва топшириқларга бўлган муносабатига алоҳида эътибор қаратдилар.
Шу билан бирга, уларга таълим бераётган устозларига ҳам талабаларнинг қайси жиҳатларини ривожлантириш, ютуқ ва камчиликлари устида ишлашлари учун зарур бўлган маслаҳатлар ҳам берилди.
Шунингдек, бугун Санъатшунослик ва музейшунослик факультети Музейшунослик: Музей предметлари экспертизаси, консервация ва таъмирлаш таълим йўналиши 2 ва 3-босқич талабаларининг амалий мутахассислик фанларидан якуний назорат кўриклари бўлиб ўтди.
Ушбу кўриклар Чизматасвир кафедраси мудири Рашид Хўжаниязов раислигидаги комиссия аъзолари томонидан баҳоланди.
Мазкур йўналишларда албатта, талабаларнинг рангтасвир қонун-қоидаларини ўзлаштириш даражасига урғу берилди. Зероки, улар келажакда музейларда айнан ноёб рангтасвир асарлари билан ишлайди.