Asosiy kontentga o'tish

Institut Nizomi

O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI ADLIYA VAZIRLIGI HUZURIDAGI DAVLAT XIZMATLARI AGENTLIGI
Toshkent shahar boshqarmasi Mirzo Ulug‘bek tuman Davlat xizmatlari markazi tomonidan ro‘yxatga olindi

«ТАСДИҚЛАЙМАН»
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.В. Нуридинов
2018 й.


KAMOLIDDIN BEHZOD NOMIDAGI MILLIY RASSOMLIK VA DIZAYN INSTITUTI USTAVI

(янги таҳрирда)

Тошкент – 2018


І. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Мазкур Устав Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сонли ҳамда “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

1.2. Kamoliddin Behzod nomidagi Milliy rassomlik va dizayn instituti — Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти (кейинги ўринларда матнда МРДИ ёки институт, деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Бадиий академиясини ташкил этиш ҳақида» 1997 йил 23 январдаги 1701-сонли Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 1997 йил 11 мартдаги 131-сонли қарори билан ташкил этилган ва Ўзбекистон Бадиий академиясининг ташкилий тузилмасига киради.

МРДИ аввал Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокимининг 2001 йил 6 декабрдаги 1465-сонли қарори билан, кейинчалик эса юридик манзили ўзгариши муносабати билан Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси томонидан 2009 йил 7 октябрдан 000413-04 реестр тартиб рақами билан давлат рўйхатига олинган.

1.3. МРДИ давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, олий таълимнинг асосий ва қўшимча (ёки фақат асосий) таълим дастурларини бажариш бўйича таълим фаолияти билан шуғулланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув-педагогик ва илмий-методик, шунингдек, бошқа фаолиятни амалга оширади ҳамда таълим хизматларини кўрсатади.

1.4. МРДИ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва мазкур Уставга амал қилади.

1.5. МРДИ юридик шахс шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади. Оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, ўз мажбуриятлари бўйича тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулк билан жавоб беради, ўз номидан мол-мулк сотиб олиши ва мулкий ҳамда номулкий ҳуқуқларни амалга ошириши, зиммасига мажбурият олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

1.6. Мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа, шу жумладан, валюта бўйича ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штамплар ва бошқа реквизитларга эга.

1.7. МРДИ интернет тизимида ўзининг расмий mrdi.uz сайтига эга.

1.8. МРДИ жойлашган манзил: 700000, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Мироншоҳ кўчаси 123-уй; тел: 255-18-33, 255-96-67, факс: 255-18-92.

1.9. МРДИнинг расмий номи:

  • Ўзбек тилидаги тўлиқ номи: Kamoliddin Behzod nomidagi Milliy rassomlik va dizayn instituti; қисқача номи — MRDI;
  • Рус тилидаги тўлиқ номи: Национальный институт художеств и дизайна имени Камолиддина Бехзода; қисқача номи — НИХД;
  • Инглиз тилидаги номи: National institute of Fine Art and design named after Kamoliddin Bekhzod; қисқача номи — NIFAD.

ІІ. МРДИНИНГ АСОСИЙ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

2.1. Ўзбекистон маданияти ва санъатининг тараққиёти йўлида тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича замонавий халқаро стандартларнинг юксак талабларига жавоб берадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш МРДИнинг асосий мақсади ҳисобланади.

2.2. Қуйидагилар МРДИнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • Институтда давлат таълим стандарти, малака талаблари, ўқув режа ва ўқув фан дастурларига мувофиқ ўқитиш сифатини таъминлаш;
  • Ўқув жараёнини (амалиёт, стажировка) кадрлар истеъмолчиларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;
  • Илм-фан, маданият, техника, технологиялар, иқтисоднинг замонавий ютуқлари, мамлакатнинг иқтисоди ва маданиятининг ижтимоий истиқболини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш услубларини тизимли такомиллаштириш;
  • Иқтисодиётнинг мувофиқ соҳаларидаги олий маълумотли мутахассисларни ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • Илмий-педагогик ходимлар ва таълим олувчиларнинг тадқиқотлари ва ижодий фаолиятлари орқали фан ва маданиятни тараққий эттириш, олинган натижалардан таълим жараёнида фойдаланиш;
  • Ўқитишнинг интерфаол усулларини, инновацион педагогик ҳамда ахборот коммуникацион технологияларини, мустақил таълим олиш, масофавий таълим тизимини амалиётга жорий қилиш;
  • Шахснинг интеллектуал, ижодий, маданий ва маънавий-ахлоқий камол топишига бўлган эҳтиёжларини олий таълим ва олий таълимдан кейинги маълумот олиши орқали қондириш;
  • Ҳар томонлама ривожланган ва содиқ шахсни, мустақил давлат фуқаросини, ўз Ватани фидойиси, халқ, жамият ва оила олдидаги ўз масъулиятини ҳис қилувчи, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилувчи, халқ анъаналарини бойитувчи ва мустаҳкамловчи, Ватанимиз келажаги учун виждонан ва ҳалол меҳнат қилувчи этиб шакллантириш;
  • Жамиятнинг ахлоқий, маданий ва илмий қадриятларини сақлаш ва бойитиш;
  • Аҳоли ўртасида билимларни тарқатиш, унинг маънавий-маърифий ва маданий даражасини кўтариш;
  • Олий таълим соҳасида ўзаро фойдали халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.

ІІІ. ЎҚУВ-ТАРБИЯВИЙ ВА ИЛМИЙ-МЕТОДИК ИШЛАРНИНГ СУБЪЕКТЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

а) Бакалавриат ва магистратура талабалари:

3.1. МРДИ ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинган шахс МРДИнинг бакалавриат ёки магистратура талабалари ҳисобланади. Бакалавриат ва магистратура талабаларига талабалик гувоҳномаси ҳамда рейтинг дафтарчаси берилади.

МРДИга қабул қонунчиликда белгиланган тартибда касбий (ижодий) имтиҳон ва тест синовлари натижалари рейтинг тизими бўйича амалга оширилади. Қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилади.

3.2. Талабалар давлат таълим стандартлари талабларига мос билимлар олиш, ахборот-ресурс марказидан, жиҳозланган аудиториялардан ва таълим воситаларидан бепул фойдаланиш, илмий-ижодий ишлар ва конференцияларда қатнашиш ҳуқуқларига эга.

3.3. Талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб ва миқдорда стипендиялар билан таъминланадилар, шунингдек, давлат ва махсус стипендияларни олиш ҳуқуқига эгадирлар.

3.4 – 3.7. Талабаларга академик таътил бериш, ҳарбий хизматни кечиктириш, турар жой билан таъминлаш, бошқа йўналиш ёки олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.

3.8 – 3.10. Талабалар ўқув интизомига, институт Уставига, Ички тартиб қоидаларига риоя этишлари шарт. Тартиб бузилган ҳолларда ҳайфсан ва талабалар сафидан четлатиш каби интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

б) Тингловчилар:

3.11. Институт қошидаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимида таълим олаётган шахслар тингловчилар ҳисобланади ва уларнинг ҳуқуқий мақоми талабаларникига тенглаштирилади.

в) Таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчилар:

3.12 – 3.13. Фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини олиш мақсадида илмий изланиш олиб борувчи мутахассисларнинг мақоми ва имтиёзлари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли низомлари билан тартибга солинади.

г) Профессор-ўқитувчилар таркиби, ўқув-ёрдамчи ва хизматчи ходимлар:

3.14 – 3.20. Профессор-ўқитувчилар лавозимлари танлов асосида эгалланади. Улар юқори сифатли таълим бериш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, ўқув-услубий адабиётлар яратиш, одоб-ахлоқ ва меҳнат интизоми қоидаларига қатъий амал қилиш мажбуриятига эгадирлар.


IV. ЎҚУВ-ТАРБИЯВИЙ ВА ИЛМИЙ-МЕТОДИК ИШЛАР

4.1. Институт қуйидаги таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлайди:

Бакалавриат (Кундузги ва сиртқи):

  • 5210800 — Рангтасвир (дастгоҳли, маҳобатли, театр-безак, фильмнинг тасвирий ечими, мультфильм ва компьютер мультипликацияси);
  • 5211000 — Графика (дастгоҳ ва китоб графикаси, хаттотлик ва миниатюра);
  • 5211200 — Амалий санъат (бадиий кулолчилик, меъморий ёдгорликлар безагини таъмирлаш, амалий санъат асарларини таъмирлаш);
  • 5211100 — Ҳайкалтарошлик (турлари бўйича);
  • 5210900 — Дизайн (реклама ва амалий графика, компьютер графикаси ва бадиий фото, интерьерни лойиҳалаш, либослар дизайни ва газламалар бадиий ечими);
  • 5210200 — Санъатшунослик;
  • Музейшунослик йўналишлари;
  • 5111050 — Касб таълими йўналишлари.

Магистратура:

Рангтасвир, графика, амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ва музейшуносликнинг ихтисослаштирилган мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрланади.

4.2 – 4.10. Таълим жараёни кредит-модуль ва рейтинг тизими асосида, ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Шунингдек, докторантура ихтисосликлари, пуллик қайта тайёрлаш курслари ва илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўлинмаси фаолият юритади.


V. ИНСТИТУТНИНГ ТАРКИБИ

5.1. Институт қуйидаги тузилмалардан ташкил топган:

  • Факультетлар: Тасвирий санъат, Амалий санъат, Санъатшунослик, Дизайн, Музейшунослик, Малака ошириш факультетлари.
  • Кафедралар: Дастгоҳли рангтасвир, Чизматасвир, Ҳайкалтарошлик, Дизайн, Либос дизайни, Амалий графика, Бадиий кулолчилик, Санъат тарихи ва назарияси ва бошқалар.
  • Илмий лабораториялар ва устахоналар: Рангтасвир техника ва технологияси лабораторияси, Оффорт лабораторияси, тошбосма, кулолчилик, линогравюра устахоналари.
  • Бошқарув ва бўлимлар: Ректорат, Ахборот-ресурс маркази (АРМ), Ахборот технологиялари маркази, Таълим сифатини назорат қилиш бўлими, Ички назорат ва мониторинг, Халқаро алоқалар бўлими ва б.

VI. ИНСТИТУТНИ БОШҚАРИШ

6.1 – 6.2. МРДИга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тайинланадиган Ректор раҳбарлик қилади. Ректор яккабошчилик асосида фаолият кўрсатади, муассаса номидан иш юритади ва қонун ҳужжатлари доирасида институт манфаатларини ифодалайди.

6.3 – 6.7. Институтда жамоавий маслаҳат органлари сифатида Институт Кенгаши, Васийлар кенгаши, факультет кенгашлари ҳамда жамоат ташкилотлари (касаба уюшмаси, ёшлар иттифоқи) фаолият олиб боради.


VII. МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗА

7.1 – 7.7. Институт мол-мулки давлат тасарруфидаги объектлар, ер участкалари, бино-иншоотлар, лаборатория ва жиҳозлардан иборат. Молиявий таъминот давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт тушумлари, илмий хўжалик шартномалари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шаклланади.


VIII. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

8.1. Институт хорижий таълим ва илмий муассасалар билан бевосита шартномалар тузиш, педагоглар ва талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда халқаро грант ва лойиҳаларда иштирок этиш ҳуқуқига эга.


ІХ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

9.1. МРДИ ўз фаолияти, таълим стандартлари ва дастурларининг тўлиқ бажарилиши, ходимлар ва талабаларнинг хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчилик доирасида жавобгардир.

9.2. Институтни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Foydali resurslar va keyingi qadamlar

Institut faoliyati, ta'lim dasturlari va talabalar uchun muhim havolalar

MRDI Logo MRDI