Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Мирзорахимов Аббосжон Шодмонович Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, “Театр безаги рангтасвири” кафедраси профессори, таниқли кинорассом Бахтиёр Назаровнинг ижодий устахонасига ташриф буюрди. Ташриф давомида Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Эшмамат Хаитов ҳамроҳлик қилди.
Ташриф аввалида рассом меҳмонларни яқин вақтлар давомида яратган ҳамда бугун иш жараёнида бўлган бир қанча ижодий асарлари билан таништирди. Мусаввир айни дамда дунё тарихида сезиларли из қолдирган буюк Бобурийлар сулоласига оид туркум асарлар яратиш билан банд. Айниқса, Акбаршоҳнинг портрети нафақат тасвирий санъат шайдолари, балки тарихшунослар, учун ҳам қизиқарли манбага айланиши шубҳасиз. Негаки, бу асар жуда катта изланиш ва ўрганишлар натижасида яратилгани, асл манбаларда келтирилган таърифлар асосида ишланган.
Бундан ташқари, устоз рассом Акбаршоҳнинг рафиқаси портретини ҳам яратган бўлиб, бу асар ҳам жуда катта аниқликка асосланган бўлиб, айни шу тарихий давр либоси аниқ элементлар воситасида ифода этилган.
“Анор” номли триптихда эса асосий анор етиштирувчи минтақаларнинг вакилалари – арман, озарбайжон ва ўзбек қизлари ўз миллий қиёфаси ва анор тасвири билан уйғун равишда тасвирланган.
Шунингдек, суҳбат давомида Бахтиёр Назаровнинг кинорассом сифатида олиб борган фаолиятига ҳам назар ташланди. Аббосжон Мирзорахимов таъкидлаганидек, Бахтиёр Назаров деганда кўз олдимизга “Шум бола”, “Уч қиролнинг жанги”, “Йигитча сени кутамиз”, “Оловли ноғоралар” каби кўплаб ўзбек ва жаҳон киносининг классикасига айланган фильмларнинг рассоми келади. Уларнинг классикага айланишида бевосита рассомнинг хизматлари ҳам беқиёс даражада.
Шу боис ушбу фильмлар яратилиш даври ва тарихи ҳақида ҳам кўплаб қизиқарли маълумотлар ва хотиралар ҳақида сўзлар экан, Бахтиёр Назаров фильмнинг сифатли ва айниқса, табиий чиқиши учун рассомдан жуда катта билим ва дунёқараш талаб этилишини таъкидлади. Рассомнинг бой кутубхонаси ва ундаги ноёб китоблар ҳар бир ташриф буюрувчига манзур келиши, шубҳасиз.
Суҳбат якунида институт ректори Бахтиёр Назаровнинг
устоз-шогирд мактабини яратиш, унинг тажрибасини институт ёшлари орасида янада оммалаштириш, китоб жавонидаги китоблардан нусхалар олиш ва уни электрон шаклини яратиш лозимлигини қайд этиб, рассомга ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.