Institut Akademiklari bilan uchrashuv

Ҳозирги кунда миллий маънавиятимиз ривожини тасвирий санъат намуналарисиз тасаввур этиб бўлмайди. Санъат миллийликка асосланади ва эзгулик, олижаноблик, дўстлик, ҳамжиҳатлик, маънавий етуклик каби умуминсоний ғояларни тарғиб этади. Шундай экан миллий санъатимизни ҳар томонлама равнақ топиши, истеъдодли ёшларимизнинг ўқиб-ўрганиши, ўз ижод намуналарини намойиш этиши учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида мазкур олий таълим муассасасининг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми, Санъат арбоби ва академиклари билан суҳбат ташкил этилди. Суҳбатда институт ректори Аббосжон Мирзораҳимов, бир қатор устоз профессор, академик ва рассомлар – Жавлон Умарбеков, Бахтиёр Назаров, Йигитали Турсунназаров, Саъдулла Абдуллаев, Акмал Икромжонов, Баҳодир Жалолов, Собир Раҳметов, Файзулла Аҳмадалиев, Ғофур Қодировлар иштирок этишди. Тадбир институт ректори Аббосжон Мирзораҳимов сўзлари билан бошланди:

– Фахрланарли томонимиз шундаки, бизнинг олий ўқув юртимиз энг кўп академикларни ўзида жам қилаолган даргоҳдир. Аммо, кўпчилик ёшларимиз Сизлар каби илмли профессор, академикларимиз борлигини билишмайди. Бу албатта, бизнинг камчилигимиз. Шу сабабли ҳам бундан кейин ҳар бир академик-устозларимизнинг ҳаёт йўллари, ижод сабоқлари билан ёшларни таништириб боришни, ҳар ойда маданий, маърифий учрашувлар ўтказишни олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Сиз каби устозларимизнинг маслаҳат ва кўмаклари биз учун доимо зарур. Зеро, устозларни улуғлаш ва ҳурмат кўрсатиш эзгу қадриятларимиздир.

Суҳбатда ташкилий, молиявий, ўқув-методик ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шу жумладан, инфратузилмани яхшилаш, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ҳамда жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек, янги йил давомида қилиниши керак бўлган бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, музейшунослик ҳамда дизайн соҳасидаги ташкилотлар билан ҳамкорликда талабаларнинг амалиётларини самарали ўтказиш – ўлкамиздаги тарихий обидалар билан таништириш, уларнинг туб моҳиятини англатган ҳолда тасвирини ифодалаш, иқтидорли ва изланувчан талабаларни рағбатлантириш мақсадида чет давлатларда амалиёт ўтаб, малака оширишлари ҳақида ҳам бир қатор таклифлар берилди.